Ўзбекистонлик хирурглар Сингапур миллий университет шифохонасига ташриф буюрди

news_in

24.06.2026

Сингапурга амалга оширилган расмий ташриф доирасида Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази делегацияси Сингапур Миллий университет шифохонаси (NUH) фаолияти билан танишди.

Ташриф давомида икки муассаса ўртасида Ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Меморандум трансплантология, кардиохирургия, роботлаштирилган ва эндоваскуляр хирургия, тиббий таълим ҳамда илмий тадқиқотлар соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришни назарда тутади.

Томонлар қўшма маҳорат дарслари ва операциялар ўтказиш, мутахассислар стажировкаси, ёш шифокорлар учун семинар ва лекциялар ташкил қилиш, телемедицина орқали масофавий консилиумларни йўлга қўйиш ҳамда тиббиёт муассасаларини бошқариш бўйича тажриба алмашишга келишиб олдилар.

Ушбу ҳамкорлик замонавий тиббий технологияларни жорий этиш ва маҳаллий мутахассислар салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади.