Искандер Мухамедович Байбеков (1944–2026)
2026 йил 22 ноябрь куни 82 ёшида таниқли олим, тиббиёт фанлари доктори, профессор, патологик анатомия, экспериментал морфология ва лазер тиббиёти соҳалари мутахассиси Искандер Мухамедович Байбеков вафот этди.
Искандер Мухамедович 1944 йил 30 июлда Тошкент шаҳрида туғилган. 1967 йилда Тошкент давлат тиббиёт институтини имтиёзли диплом билан тамомлаб, илмий фаолиятини академик К.А. Зуфаров раҳбарлигидаги электрон микроскопия лабораториясида бошлаган.
1970-йилларнинг иккинчи ярмидан унинг илмий фаолияти академик В. Воҳидов номидаги Хирургия маркази билан боғлиқ бўлган. 1980 йилдан Марказнинг патологик анатомия лабораториясига раҳбарлик қилган. 1988 йилда докторлик диссертациясини ҳимоя қилган, 1990 йилда профессор илмий унвонини олган.
Профессор И.М. Байбеков Ўзбекистонда лазер тиббиёти, экспериментал морфология ва патологик анатомия соҳалари ривожига салмоқли ҳисса қўшган. Унинг раҳбарлигида 35 та докторлик ва 100 дан ортиқ номзодлик диссертациялари бажарилган. Олим 600 дан ортиқ илмий мақола, 20 дан ортиқ монография ва 10 дан ортиқ ихтирога оид муаллифлик гувоҳномалари муаллифи бўлган.
Унинг кўп йиллик илмий фаолияти, яратган илмий мактаби ва тарбиялаган шогирдлари мамлакатимиз тиббиёт фани ривожида муҳим ўрин тутади.
Академик В. Воҳидов номидаги Хирургия маркази жамоаси марҳумнинг оила аъзолари, яқинлари, ҳамкасблари ва шогирдларига самимий ҳамдардлик билдиради.
Устознинг ёрқин хотираси ҳамкасблари ва шогирдлари қалбида сақланиб қолади.
Аллоҳ раҳматига олсин, жойлари жаннатда бўлсин.