Хирургия Илмий-Амалий Тиббиёт Марказида Ўзбекистон Республикаси Конституция кунига бағишланган хайрия акциясининг биринчи куни бўлиб ўтди

news_in

06.12.2024

Бугун, 2024-йил 6-декабрь куни “Академик В.Воҳидов номидаги Республика Ихтисослаштирилган Хирургия Илмий-Амалий Тиббиёт Маркази” Давлат Муассасаси поликлиникасида, Ўзбекистон Республикаси Конституция кунига бағишланган хайрия акциясининг биринчи куни бўлиб ўтди.  

Ушбу тадбир давомида нафақат бутун республикамиз шифохоналарида, балки хорижий давлатларда жигар ёки буйрак трансплантацияси операциясини бошдан кечирган беморларнинг бепул тиббий кўрикдан ўтказилиши амалга оширилди. “Академик В.Воҳидов номидаги РИХИАТМ” ДМ малакали мутахассислари томонидан консультациялар ва асосий текширувлар – умумий қон таҳлили, қонни биокимёвий таҳлили, магний, темир, сийдик кислотаси, умумий сийдик таҳлили, такролимус концентрацияси, Covid-19 га экспресс тест, трансплантатнинг ультратовуш допплерографияси, қорин бўшлиғи аъзолари УТТ, электрокардиография каби текширувлар беморлар учун мутлақо бепул ташкил этилди.  

Акциянинг биринчи куни умумий ҳисобда 203 нафар бемор текширувлардан ўтказилди ва тавсиялар берилди. Улардан 38 нафари жигар ва 165 нафари буйрак трансплантацияси амалиётидан кейинги беморлардир.  

Акция беморлар орасида юқори кайфиятда олқишланди ва мамлакатимизда тиббиёт соҳасидаги яхши ўзгаришлар учун алоҳида Президентимизга миннатдорлик билдиришди.  

Хирургия Марказидаги акция 7-декабрь куни ҳам давом этади.  
Марказимиз эшиклари сизлар учун доим очиқ.  

Ҳурмат билан, Марказ маъмурияти.