Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази нафақат юртимиз, балки Марказий Осиёдаги етакчи клиник ва илмий-тадқиқот муассасаларидан бирига айланмоқда. Кейинги йилларда бу ерда йўлга қўйилаётган энг илғор муолажа усулларини чекка ва олис ҳудудларда ҳам кенг жорий этиш мақсад қилинган.
Таҳлил аввалида марказнинг ўзида эришилган ютуқлар ҳақида қисқача тўхталамиз. Маълумотларга кўра, ўтган йили бу ерда 7030 та операция бажарилган бўлиб, шундан 5963 таси(84 фоизи)ни юқори технологик амалиётлар ташкил этди. Ўз навбатида, 16 турдаги мураккаб операциялар илк бор ўтказилди.
Бунда Россия, Хитой, АҚШ каби давлатларнинг етакчи клиникаларидан ташриф буюрган мутахассислар билан биргаликда бажарилган ноёб амалиётларнинг аҳамияти катта бўлди. Қолаверса, марказнинг 54 нафар шифокори АҚШ, Германия, Россия, Хитой, Туркия, Хиндистон, Озарбайжон, Қозоғистон каби давлатларда малака ошириб қайтди.
— Ихтисослашган тиббий ёрдамни туман даражасига тушириш учун 2025 йили ҳар бир вилоятдан 2 тадан, жами 28 та туман (шаҳар)ни намунавий ва илғор ҳудудга айлантиришга киришганмиз, — дейди марказ директори Саидмурод Исмаилов. — Қатор ҳудудларда беморларни тиббий кўрикдан ўтказяпмиз, маҳаллий мутахассислар учун маҳорат дарслари ташкил этилмоқда. Энг тажрибали шифокорларимиз аҳоли ҳузурига пойтахтдан бориб, уларни оғир хасталиклардан халос этишга кўмаклашяпти.
Шу билан бирга, 28 та туманга борган ҳолда, ўрганиш ишлари бошлаб юборилди. Шу асосда мазкур ҳудудларда ишлаб турган хирурглар ва бошқа ёндош йўналишлар бўйича 100 нафарга яқин мутахасислар марказга жалб этилиб, уларга муассасада йўлга қўйилган иш жараёнлари ўргатилди. Инновацион муолажа ва даволаш усулларини қўллаш бўйича маҳорати оширилди.
Муҳими, ушбу сафарбарликлар — бир марталик эмас! Мутахассислар жойлардаги моддий-техник база, шифокорлар малакаси, ёндош бўлимлар фаолиятини ҳам чуқур ўрганиб, маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда уларни такомиллаштириш бўйича режалар ишлаб чиқмоқда.
Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази билан ҳамкорликда 5 ойлик ўқув курслари жорий қилинган бўлиб, 1 февралдан бошлаб танлаб олинган 28 та тумандан мутахассислар ўқитилади. Улар эгаллаган билимлари асносида ўз ҳудудида камида биттадан юқори технологик, кам инвазив операция ўтказилишини йўлга қўйишлари мақсад қилинган.
Марказнинг 13 нафар юқори малакали мутахассиси бир йилга ҳудудларга доимий ишга юборилди.
Ўтган йили ҳудудий филиалларда 20 дан ортиқ янги даволаш ва диагностика усуллари амалиётга татбиқ этилди. Масалан, Жиззахда миниторакотом усулида ишлаб турган юракда АКШ, Фарғонада лапароскопик аллогерниопластика, гетротопик буйрак трансплантацияси, донор нефроэктомияси, Бухорода трахеяни циркульяр резекцияси бажарилди.
Ҳозир Оқолтин (Сирдарё), Зомин (Жиззах), Денов (Сурхондарё), Вобкент (Бухоро) туманлари, Қўқон шаҳри (Фарғона)да буйрак трансплантацияси йўлга қўйилган.
Бу йил туман (шаҳар) шифохоналарида 12 та, вилоят филиалларида 18 та ва марказда 20 та янги даволаш ва диагностика усулини жорий этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, марказда намунавий трансплантология хизмати ва камида 5 турдаги робот асистентланган амалиётларни йўлга қўйиш, операцион хоналарни янги технологияли асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш режалаштирилган.
Муассаса ва вилоятлардаги кўп тармоқли тиббиёт марказларида сунъий интеллект ҳамда рақамли технологиялар орқали хирургия хизматини яхшилаш мақсад қилинган.
Бунинг учун Германия, Россия ва Беларусдан тажрибали мутахассислар доимий ишлаш учун марказга жалб этилади. Соҳада фаолият олиб бораётган мутахассислар нуфузли хорижий клиникаларда малака оширади.
Шу орқали бу марказга жалб этиладиган чет эллик беморлар сонини 3 марта, ҳудудларда эса 2 карра кўпайтириш орқали тиббий хизмат кўрсатиш ҳажмини 3 миллион долларга етказиш мақсад қилинган.