МРТ учун 25% чегирма 18:00 дан кейин. Бизнинг хирургия маркази халқимиз учун шанба куни қўшимча фаолият юритади.

Қосимов С.С. автореферати тузатилган 21.10.2026

09.11.2026

Қовуқ бўйинчаси ва уретра простатик қисми облитерациясининг эндоскопик давоси

Қосимов Сафожон Самукжанович томонидан тайёрланган тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) диссертацияси авторефератида простата безининг хавфсиз гиперплазияси сабабли жарроҳлик амалиётидан кейин юзага келадиган уретранинг простатик қисми ва қовуқ бўйинчаси облитерациясини эндоскопик даволаш масалалари ўрганилган.

Тадқиқотнинг долзарблиги шундаки, ушбу асорат сийдик чиқариш йўлларининг торайиши ёки тўлиқ ёпилишига олиб келиши, такрорий жарроҳлик амалиётлари заруратини юзага келтириши ва беморларнинг ҳаёт сифатини сезиларли даражада пасайтириши мумкин. Замонавий эндоскопик даволаш усулларини такомиллаштириш ушбу муаммони ҳал этишнинг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади.

Тадқиқотнинг мақсади

Тадқиқотнинг асосий мақсади рентгеноскопик назорат остида бажариладиган эндоскопик реканализация усулини қўллаш орқали уретранинг простатик қисми ва қовуқ бўйинчаси операциядан кейинги облитерацияси билан оғриган беморларни даволаш натижаларини яхшилашдан иборат.

Тадқиқот объекти сифатида 2010–2022-йилларда трансвезикал аденомэктомиядан кейин уретранинг орқа қисми ва қовуқ бўйинчаси облитерацияси ривожланган, Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий урология марказида текширувдан ўтган ва даволанган 45 нафар бемор танланган.

Тадқиқотнинг илмий янгилиги

Тадқиқот давомида сийдик чиқариш йўлларини рентгеноскопик назорат остида эндоскопик реканализация қилиш ва кейинчалик облитерация соҳасидаги чандиқли тўқималарни электро резекция қилиш усули ишлаб чиқилган. Ушбу ёндашув сийдик йўллари ўтказувчанлигини тиклаш ва беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилашга қаратилган.

Шунингдек, рентгенологик назорат остида эндоскопик реканализация ўтказиш имкониятини белгиловчи асосий мезонлар аниқланган:

  • Уретра облитерациясининг узунлиги 30 мм дан ошмаслиги;
  • Қовуқни дренажлаш муддати 5 ҳафтадан ошмаслиги;
  • Сийдик чиқариш йўлининг учлари орасида силжиш бўлмаслиги.

Тадқиқотда аралаш сийдик йўллари инфекцияси мавжудлиги, шунингдек, қандли диабет даволаш натижаларига салбий таъсир кўрсатувчи омиллар сифатида аниқланган.

Тадқиқот натижалари

Тадқиқот хулосаларига кўра, уретра ва қовуқ бўйинчасини қайта реканализация қилиш ҳамда кейинчалик склеротик тўқималарни трансуретрал резекция (ТУР) қилиш усулининг самарадорлиги биринчи аралашувдан кейин 73%, иккинчи аралашувдан кейин эса 27% ни ташкил этган.

Даволаш натижаларининг қониқарсиз бўлиш хавф омиллари сифатида қовуқни 5 ҳафтадан ортиқ дренажлаш ва облитерация соҳасининг 30 мм дан узун бўлиши аниқланган. Аралаш сийдик йўллари инфекцияси ва қандли диабет ҳам даволаш самарадорлигини пасайтирувчи омиллар сифатида қайд этилган.

Clavien–Dindo таснифига кўра, операциядан кейинги асоратлар умумий кўрсаткичи 44,3% ни ташкил этган. Шундан I ва II даражали асоратлар 20% ҳолатда кузатилган.

Тадқиқотнинг амалий аҳамияти

Тадқиқот натижалари асосида ишлаб чиқилган эндоскопик реканализация усули Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий урология маркази ҳамда унинг Фарғона ва Хоразм филиаллари амалиётига жорий этилган.

Мазкур усулнинг ижтимоий аҳамияти беморларни умрбод цистостомик дренаждан халос этиш ва ҳаёт сифатини яхшилаш имконияти билан изоҳланади. Иқтисодий самарадорлик ҳисоб-китобларига кўра, ҳар ой дренажни алмаштиришга муҳтож беморларда бир йиллик харажат 2 871 600 сўмни ташкил этади.

Тадқиқот ҳақида маълумот

Тадқиқот муаллифи: Қосимов Сафожон Самукжанович.

Илмий раҳбар: Насиров Фурқат Рауфович, тиббиёт фанлари доктори.

Расмий оппонентлар: Аюбов Бехзод Алишерович ва Шадманов Мирзамахмуд Алишерович.

Етакчи ташкилот: Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти.

Ихтисослик: 14.00.31 — Урология.

Диссертация бажарилган муассаса: Тошкент давлат тиббиёт университети.

ҲИМОЯ ҲАҚИДА ЭЪЛОН

2026 йил 19 ноябрь куни соат 14:00 да Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳузуридаги DSc.06/2025.27.12.Tib.08.01 рақамли Илмий кенгашнинг тиббиёт фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олиш учун диссертациялар ҳимоясига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтади.

Биринчи ҳимоя

Юлдашев Жасур Мансуровичнинг «Эркаклар бепуштлигида микрохирургик варикоцелэктомия натижалари ва самарадорлигини баҳолаш» мавзусидаги диссертацияси ҳимояси бўлиб ўтади.

Ихтисослик: 14.00.31 — Урология.

Илмий раҳбар: Мухтаров Шухрат Турсунович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Расмий оппонентлар:
Ғайбуллаев Асилбек Асадович;
Юлдашев Файзулла Юлдашевич.

Етакчи ташкилот: Андижон давлат тиббиёт университети.

Иккинчи ҳимоя

Касимов Сафожон Самукжановичнинг «Қовуқ бўйинчаси ва уретранинг простатик қисми облитерациясининг эндоскопик давоси» мавзусидаги диссертацияси ҳимояси бўлиб ўтади.

Ихтисослик: 14.00.31 — Урология.

Илмий раҳбар: Насиров Фуркат Рауфович, тиббиёт фанлари доктори.

Расмий оппонентлар:
Аюбов Беҳзод Алишерович;
Шадманов Мирзамахмуд Алишерович, тиббиёт фанлари доктори, профессор.

Етакчи ташкилот: Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти.

Zoom конференциясига уланиш ҳаволаси:

https://us06web.zoom.us/j/81084482358?pwd=NiVVITkceMZCjfmPqruQxd78QzCr8O.1

Конференция идентификатори: 810 8448 2358

Кириш коди: 495057

Диссертация авторефератини юклаб олиш:

📄 Касимов Сафожон Самукжанович — PDF юклаб олиш