Ўзбекистон трансплантологиясида янги босқич: илк бор тирик донор жигарини лапароскопик усулда резекция қилиш режалаштирилмоқда
2026 йил 10–16 октябрь кунлари Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида Хитойнинг Шанхай шаҳрида жойлашган «Renji Hospital» клиникасининг етакчи мутахассислари иштирокида жигар трансплантацияси бўйича қўшма жарроҳлик дастури амалга оширилади. Дастур доирасида тирик қариндош донорлардан учта жигар трансплантацияси ўтказилиши режалаштирилган.
Ташрифнинг энг муҳим воқеаси — Ўзбекистонда илк бор тирик қариндош донор жигарининг бир қисмини лапароскопик усулда резекция қилиш ва олинган жигар бўлагини реципиентга трансплантация қилиш амалиётининг режалаштирилганидир.
Мазкур технологиянинг асосий афзаллиги шундаки, соғлом донор жигарининг бир қисми анъанавий катта кесма ўрнига кичик кесмалар орқали ажратиб олинади. Ушбу кам инвазив усул жарроҳлик жароҳатини ва операциядан кейинги оғриқни камайтириш, шифохонада даволаниш муддатини қисқартириш ҳамда донорнинг тезроқ тикланишига имконият яратади. Бу, айниқса, яқин инсонининг ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз жигарининг бир қисмини ихтиёрий равишда бераётган соғлом донор хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Мазкур дастурни амалга ошириш учун Тошкентга Хитой муҳандислик академияси академиги, «Renji Hospital» клиникаси президенти, таниқли хирург-трансплантолог профессор Ся Цян бошчилигидаги саккиз нафар мутахассисдан иборат жамоа ташриф буюради. Профессор Ся Цян раҳбарлигида жаҳондаги йирик жигар трансплантацияси марказларидан бири шаклланган бўлиб, ушбу клиникада 8 мингдан ортиқ жигар трансплантацияси, жумладан, болаларда қарийб 4 мингта шундай амалиёт бажарилган.
Режалаштирилган операциялар учун Фарғона водийсидан учта қариндош «донор–реципиент» жуфтлиги тайёрланган. Наманган вилоятидан 33 ёшли Ахмаджанова С.га унинг 34 ёшли опаси Ахмаджанова О. донор бўлади; Фарғона вилоятидан 45 ёшли Юлдашев К.га унинг 18 ёшли ўғли Обидов С. жигарининг бир қисмини беради; Наманган вилоятидан 42 ёшли Кимсанова Д.га эса унинг 19 ёшли ўғли Абдакимов С. донор бўлиши режалаштирилган.
Барча клиник ҳолатлар икки тиббиёт муассасаси мутахассислари томонидан олдиндан кўриб чиқилган ва муҳокама қилинган. Операциялар 11–13 октябрь кунларига режалаштирилган бўлиб, хитойлик ва ўзбекистонлик хирурглар, анестезиологлар ҳамда реаниматологлардан иборат қўшма жамоалар томонидан амалга оширилади.
Жарроҳлик дастуридан ташқари, хитойлик мутахассислар жигар трансплантациясининг замонавий технологиялари, кам инвазив хирургия, анестезиология, интенсив терапия ҳамда донор ва реципиентларни операциядан кейинги даврда даволаш масалалари бўйича маҳорат дарслари, илмий-амалий семинарлар ва клиник муҳокамалар ўтказадилар.
Ташриф доирасидаги яна бир муҳим воқеа — Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва «Renji Hospital» клиникаси ўртасида ҳамкорлик меморандумининг имзоланишидир. Ушбу ҳужжат юқори технологик жарроҳлик амалиётларини биргаликда ўтказиш, мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, илғор хирургик технологияларни жорий этиш ҳамда қўшма илмий тадқиқотларни ривожлантиришга қаратилган узоқ муддатли ҳамкорлик учун асос бўлиб хизмат қилади.
Мазкур дастурнинг амалга оширилиши Ўзбекистон трансплантологияси ривожида муҳим қадам бўлиб, оғир жигар касалликларига чалинган беморларни даволаш имкониятларини кенгайтириш, шу билан бирга, тирик донорлар хавфсизлигини оширишга қаратилган замонавий кам инвазив технологияларни мамлакатимиз тиббиёт амалиётига жорий этишга хизмат қилади.