Қадимий ва афсонавий Хива шаҳрида “Воҳидов ўқишлари – 2026” ХХХ республика илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтмоқда. Академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази томонидан ташкил этилган анжуманда Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари, шунингдек, мамлакатимиз ва қатор хорижий давлатларнинг етакчи жарроҳлари, таниқли олимлар, экспертлар ҳамда соҳа мутахассислари қатнашяпти.
Тадбирда касалликларни эрта аниқлаш, беморларни ихтисослаштирилган марказларга ўз вақтида йўналтириш, юқори технологияли тиббий ёрдам қамровини кенгайтириш ва операциядан кейинги реабилитация самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Конференция дастуридан роботлаштирилган ва кам инвазив жарроҳлик, кардиохирургия, томир жарроҳлиги, трансплантология, анестезиология ва интенсив терапиянинг замонавий ютуқлари муҳокамаси ўрин олган.
Шунингдек, жарроҳлик амалиётида сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва телетиббиёт имкониятларидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиляпти.
Анжуманда мамлакатимиз мутахассислари ўпка ва кўкрак қафаси аъзоларида робот ёрдамида бажарилган дастлабки 50 та операциянинг клиник тажрибасини тақдим этади.
Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлардан ташриф буюрган экспертлар ҳам замонавий жарроҳлик усуллари бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашади.
Конференция доирасида жигар ва буйрак трансплантацияси, юрак-томир касалликларини жарроҳлик йўли билан даволаш, мураккаб операциялардан кейинги асоратларнинг олдини олишга оид илмий изланишлар муҳокама этилади.