20 январь куни форум доирасида Соғлиқни сақлаш вазири А.Худаяров бошчилигидаги делегация Франция Хирургия Академияси (Académie Nationale de Chirurgie) раҳбарияти билан расмий учрашув ўтказди.
Делегацияни Академия Президенти доктор Хуберт Жоанэт қабул қилди. Учрашувда хирургия соҳасини ривожлантириш, клиник, амалий, назарий ва илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш, қўшма мақолалар, маърузалар ва мастер-класслар ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув натижасида Франция Хирургия Академияси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Академик В. Вахидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ўртасида хирургия соҳасини ривожлантириш ва ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.
Учрашувнинг энг муҳим натижаларидан бири сифатида Страсбург шаҳридаги Европа маммология мактаби базасида сенология бўйича махсус ўқув курси ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Дастлабки босқичда ушбу курсда Ўзбекистондан беш нафар жарроҳ иштирок этади. Ўқув давомийлиги икки ҳафта бўлиб, якунида имтиҳон ўтказилади. Имтиҳондан муваффақиятли ўтган мутахассислар европа стандартларига мос жарроҳ-маммолог мутахассислигига эга бўладилар.