Соғлиқни сақлаш вазирлигида ХИРУРГИЯ МАРКАЗИ бошқарув тизимини ислоҳ қилиш масалалари муҳокама қилинди
Бугун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигида академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази бошқарув тизимини янада ривожлантириш ва модернизация қилишга бағишланган муҳим ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда ХИРУРГИЯ МАРКАЗИ директори профессор Сайдимурад Ибрагимович Исмаилов, шунингдек жалб этилган хорижий экспертлар — бош менежер Ким Чул Со ҳамда бошқарув тизимини ривожлантириш ва ислоҳ қилиш бўйича менежер доктор Шин Донг Еун иштирок этдилар. Учрашувни Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Анварович Худаяров олиб борди.
Учрашув давомида хорижий менежерлар томонидан ХИРУРГИЯ МАРКАЗИ бошқарув тизимини ислоҳ қилиш бўйича ишлаб чиқилган лойиҳа тақдим этилди. Унда муассасанинг замонавий, самарали ва барқарор тиббиёт ташкилоти сифатида ривожланиши бўйича ўз қарашлари ва таклифлари баён этилди.
Тақдим этилган лойиҳа ХИРУРГИЯ МАРКАЗИда шаффоф ва тизимлаштирилган бошқарув моделини шакллантириш, асосий самарадорлик кўрсаткичлари (KPI) асосида бошқарувни жорий этиш, беморлар оқимини ва клиник жараёнларни оптималлаштириш, тиббий рақамли тизимларни ривожлантириш, харажатлар ва молиявий жараёнлар устидан назоратни кучайтириш ҳамда замонавий хирургия маркази моделини шакллантиришни назарда тутади.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Анварович Худаяров тақдим этилган лойиҳа билан батафсил танишиб, мазкур ташаббуслар соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган давлат сиёсатига тўлиқ мос келишини таъкидлади.
Учрашувда алоҳида қайд этилдики, хорижий мутахассислар ва илғор бошқарув тажрибасини жалб қилиш Ўзбекистон Республикаси Президентининг бевосита топшириғи асосида амалга оширилмоқда. Давлат раҳбари мамлакат тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, замонавий технологияларни жорий этиш ва соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилишга катта эътибор қаратмоқда.
Вазир томонидан барча ташаббуслар қўллаб-қувватланиб, жумладан поликлиника фаолиятини такомиллаштириш, стационар бошқарувини модернизация қилиш ҳамда замонавий тиббий менежмент принципларини жорий этиш бўйича вазирлик ҳар томонлама кўмак кўрсатиши таъкидланди.
Мазкур ислоҳотлар амалга оширилиши ХИРУРГИЯ МАРКАЗИ фаолияти самарадорлигини янада ошириш, тиббий хизмат сифатини яхшилаш, муассасанинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш ва халқаро стандартларга мос замонавий бошқарув моделини шакллантиришга хизмат қилади.